«Шарқона бозор» акцияси
«UZ» домен ҳудуди Маъмурияти – ccTLDuz Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги аҳолиси учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида «UZ» домен ҳудудидаги иккинчи даражали домен номларини рўйхатга олиш ва рўйхатга олинган домен номлари муддатини узайтириш нархларини пасайтириш мақсадида «Шарқона бозор» акцияси бошланганлиги ҳақида эълон қилади.
Акциянинг асосий мақсади - республикамизнинг барча ҳудудларидаги аҳоли ва юридик шахслар учун (Тошкент шаҳридан ташқари) «UZ» домен ҳудудида домен номларини рўйхатга олиш ва рўйхатга олинган домен номларини узайтиришда имтиёзли шароитларни яратиш орқали Интернет тармоғидаги миллий ресурсларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Домен номларини рўйхатга олиш ва рўйхатга олинган домен номларини узайтириш нархлари акцияда иштирок этаётган рўйхатдан ўтказувчилар томонидан мустақил равишда белгиланади. Домен номларини ccTLDuz томонидан рўйхатга ўтказувчилар учун бериш нархи эса ушбу акция доирасида 50% га камайтирилади.
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари ушбу акцияда иштирок эта олмайдилар. Акция доирасида рўйхатга олинган домен номларини бошқа фойдаланувчи номига ўтказиш домен номи рўйхатга олинган санадан 12 ой ўтгандан кейин амалга оширилиши мумкин. Рўйхатга олиш ва домен номларидан фойдаланишнинг бошқа шартлари ўзгармайди ва
«UZ доменида домен номларини рўйхатга олиш ва фойдаланиш ҳақидаги Низом»га асосан тартибга солинади.
«Шарқона бозор» акцияси 2009 йилнинг 30 январидан бошланиб шу йилнинг охирига қадар даъвом этади.
Шуни эслатиб ўтамизки, «UZ» домен ҳудуди ва Интернетнинг миллий сегментини ривожлантириш мақсадида ccTLDuz маъмурияти томонидан аввал ҳам
«UZ доменида сенинг номинг» ва
«Янги ғоя» каби акциялар ўтказилган.