ЯНГИЛИКЛАР

04.09.2019
UZINFOCOM томонидан “Redemption Period” хизмати жорий қилинмоқда

“Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖ томонидан “Redemption Period” – “Доменни сотиб олиш муддати” хизмати ишлаб чиқилди ва жорий қилинди.

Ушбу хизмат домен маъмурининг домен номини 30 кун муддатда маъмурий бошқариш ҳуқуқи асосида тикланиш даврини назарда тутади. Бугунги кунда ушбу амалиёт бутун дунё бўйлаб кенг қўлланилиб келинмоқда. Хусусан, домен номи эгалари ва домен номини янгилашни унутган савдо номлари эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун шароит яратилиши билан бирга, домен номини йўқолиб кетиши каби ҳолатлар олди олинади.

Агар домен эгалари белгиланган муддат ичида (рўйхатдан ўтиш муддатидан бир йил олдин) домен номларини узайтиришга улгурмаган ёки эсларидан чиққан, шунингдек, “Узайтиришни кутиш” мақомида бўлса, доменлар “Redemption Period” мақомига ўтади. Бу давр ичида фақат олдинги домен эгаси Рўйхатдан ўтказувчи орқали қўшимча тўлов эвазига домен номига бўлган ҳуқуқларини тиклай олади. “Redemption Period” ҳолати давомида домен номи фаолият юритмайди ва уни домен номларини реестридан ўчириш жараёни бошланади. Аммо шунга қарамай алоқалар тўғрисидаги маълумотлар олдинги домен эгасига тегишли бўлади. Шунингдек, “Redemption Period” амал қилиш пайтида олдинги домен эгаси ўрнатилган тартибда ўз хоҳишига кўра Рўйхатдан ўтказувчини ўзгартириши мумкин.

Агар “Redemption Period” амал қилиш даврида унда жойлашган домен номи тўланмаган бўлса, ушбу муддат тугаши билан домен номи домен номлари реестридан ўчирилади ва уни ҳар қандай шахс рўйхатдан ўтказиши мумкин.

“Ушбу янгилик домен номлари билан боғлиқ суд ва бошқа жараёнларни камайтиради ва домен эгаларига ўз домен номлари муддатини узайтириш учун иккинчи имкониятни беради. 30 кунлик “Redemption Period” жорий қилингандан сўнг домен номини йўқотиш қийин бўлади”, – деб изоҳ бермоқда .UZ домени Маъмури раҳбари Асхат Гимранов.

Эслатиб ўтамиз, 2003 йил 27 март куни Интернетда адрес ва протоколлар рақамларини бириктириш бўйича Корпорация (ICANN) билан имзоланган ccTLD ҳомийлиги тўғрисидаги Келишувга асосан “Ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖ юқори даражали .UZ (ccTLD) домени маъмури ҳисобланади.

.UZ доменида домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот билан www.cctld.uz
веб-сайтида танишиб чиқишингиз ёки қуйидаги манзилларга мурожаат қилишинигиз мумкин: email – cctld@uzinfocom.uz; тел. – +99871 238 42 45.