ЯНГИЛИКЛАР

28.04.2021
29 апрель - «.UZ» доменининг туғилган куни, DNSSEC технологиясини жорий этиш ва юбилей почта маркасининг чиқарилиши (ҳақида)

29 апрель «.UZ» доменининг туғилган куни.

Яъни, Интернетнинг ўзбек сегменти 26 ёшда.

Домен зонаси учун ариза 1995 йилда ICANN (Internet Corporation for Assigned Names and Numbers - тармоқ техник инфратузилмасининг маъмурий бошқариш функциясини амалга оширадиган, шунингдек юқори даража доменларининг базасини қўллаб-қувватлайдиган Интернетда адреслар ва протоколлар рақамларини бириктириш бўйича халқаро ташкилот) томонидан маъқулланди ва «.UZ  - Ўзбекистон Республикасининг юқори даражадаги миллий домени» (расмий номи) пайдо бўлди.

Мамлакат ҳукумати миллий доменнинг аҳамияти ва соҳага жалб қилинган мутахассисларнинг хизматларини юқори баҳолаган ҳолда «.UZ» Миллий домени (нуқта Уз) юбилейи шарафига эсдалик почта маркасини чиқариш ташаббусини илгари сурди. Почта маркасида глобусни рамзий маънода қўллаб-қувватловчи қўллар ва «.UZ» 25 монограммаси миллий байроқ рангларида тасвирланган бўлиб, бу домен глобал тармоқнинг бир қисми эканлигини англатади.

Албатта, почта маркаларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш камдан-кам ҳолга айланди. Шу билан бирга биринчи серверларни ўрнатган ва биринчи рўйхатдан ўтишни амалга оширган Узнетнинг дастлабки кунларини эслайдиганлар учун почта маркасининг қиймати қадрлидир.

Филателистлар учун бу жуда ноёб ҳолатдир, чунки марка чекланган миқдорда чиқарилганлиги билан бирга миллий домен шарафига почта маркасини чиқариш ҳоллари жуда кам учрайди.

Марканинг чиқарилиши 2020 йилда доменнинг 25 йиллигига режалаштирилган эди, барча байрам тадбирлари ва конференциялар эса 2021 йил кузига қолдирилди. Умид қиламизки, жорий йилнинг сентябрь ойига қадар рейслар аввалги режимига қайтади ва Ўзбекистондаги анъанавий IT-ҳафталиги почта маркасини тақдимот маросими билан очилади.

Интернетни бошқариш бир хил стандарт жараён эмас, шубҳасиз техник стандартлар ва уларга риоя қилиш мажбуриятлари ҳам мавжуд. Аммо давлат ва Интернетни тартибга солувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро таъсир даражаси: ICANN, RIPE NCC, APTLD, хавфсизлик ва рухсат бериш ўртасидаги сифатли ва доимий мувозанат, Интернетда бизнес учун шароит яратиш - буларнинг барчаси маҳаллий ва хорижий шериклар ҳамда фойдаланувчиларнинг ишончида акс этади. Миллий сегментдаги домен номлари сони юз мингга яқинлашмоқда. Бу ишбилармонлик муҳити фаоллигининг ўсиб бориши аксидир.

Таққослаш учун, домен сони 23 йил давомида 60 мингни ташкил этган бўлса сўнгги 3 йил ичида ўсиш 32 мингтани ташкил этди (бугунги кунда доменларнинг умумий сони 92 мингни ташкил этади).

2020 йилнинг апрелида доменлар сони 78 мингга яқин эди. Яъни, бир йил ичида ўзбек сегменти умумий соннинг бешдан бирига эга бўлди.

Сегментнинг ривожланиш даражаси анча юқори деб ҳисоблаш мумкин, бунга ҳар йили ўтказилаётган ICANN, APTLD ва RIPE NCC конференцияларида қатнашиб келаётган кўплаб хорижий иштирокчилари сони далолат беради. Яқинда Тошкентда IGF (Internet Governance Forum) бўлиб ўтди. Қўшни давлатлар тажриба тўплаш учун Ўзбекистонга келишмоқда. Масалан, домен зонаси ташкил этилиши биланоқ, Ўзбекистон киберсквоттингни ((инглизча cybersquatting) - бошқа шахсга тегишли бўлган товар белгисини ўз ичига олган домен номларини уларни кейинчалик қайта сотиш ёки ноҳақ фойдаланиш мақсадида рўйхатдан ўтказиш) маркетинг жиҳатидан жозибадорлигига қарамай қонуний равишда белгилаган ва тақиқланган ҳамда расмий савдо белгилар эгаларини виждонсиз домен сотувчилардан доимий равишда ҳимоя қилиб келмоқда. Шунингдек, доменларни "олдириб қўйиш"нинг олди олинди, яъни домен эгаси рўйхатдан ўтиш муддати тугаши биланоқ доменни йўқотиб қўймайди (30 кун ичида эски эгаси қайта сотиб олишга ҳақли).

Домен номлари тизими (DNS) Интернет инфратузилмасининг муҳим таркибий қисмидир. DNS-серверлар фойдаланувчиларга маълум бўлган веб-сайтларнинг домен номларини компьютерлар веб-сайтга уланиши керак бўлган IP-манзилларга ўтказади. DNS тизими кўпинча ҳужумларга дучор бўлади, бу вақтда тажовузкорлар ушбу манзилларни фирибгар веб-сайтларнинг манзиллари билан алмаштиришга, электрон почта ва веб-сайтларнинг трафикларини тўхтатишга ҳаракат қилишади. Домен номлари ва IP-манзилларни бошқариш учун масъул бўлган ICANN халқаро ташкилоти баёнотида айтилишича, ушбу ва бошқа ҳужумларнинг хавфи ўта юқори бўлиб қолмоқда. Шунинг учун DNS тизимини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни фаол равишда амалга ошириш керак - яъни манзилларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш имконини берадиган DNSSEC технологиясини жорий этиш лозим.

«.UZ» домени Маъмури UZINFOCOM тимсолида «.UZ» домен зонаси учун хавфсиз домен номлари технологияси DNSSEC ни жорий этилганини эълон қилади.

DNSSEC технологиясини жорий этиш билан боғлиқ ишга тушириш ишлари «.UZ» доменининг туғилган кунига қадар якунланди.

Минтақавий домен зоналари учун DNSSEC ни жорий этиш ахборот технологиялари соҳасида тарихий, технологик ютуқ ҳисобланади. Кўпгина веб-хизматларнинг ушбу технологиядан фойдаланишга ўтиши тармоқдаги операциялар хавфсизлигини сифат жиҳатидан оширади.

UZINFOCOM бош директори Эмил Гимрановнинг таъкидлашича, ICANN ва APTLD каби Интернетни тартибга солувчи ташкилотлар билан фаол мулоқот, Ўзбекистонда халқаро конференцияларни ўтказиш, унда илғор тажрибага эга жаҳон экспертларининг иштироки UZINFOCOM муҳандис ходимларининг техник салоҳиятини оширишга ёрдам берди ва режа бажарилишини таъминлади. «Домен номларини шифрланган тарзда алмашиш технологияси фирибгарлик схемалари, фишинг ва фирибгарликни қўллашни сезиларли даражада камайтиради. Фақат хавфсизлик технологияларидан кенг фойдаланишгина аниқ натижаларни беради. Биз мамлакатнинг алоқа узели бўлган барча еттита асосий (илдиз) серверларнинг - бир вақтнинг ўзида - DNSSECга ўтганидан фахрланамиз. Дастурий таъминотни ёзиш, жиҳозларни алмаштириш, созлаш ва протоколларни келишиб олиш каби ишлар бир неча ой давом этди.

DNSSECни янада кенг жорий этиш ўз зоналарида авторитар DNS-серверларни қўллаб-қувватловчи хостерлар ва рўйхатга олувчи компанияларга боғлиқ.

Узнет бутун дунё фойдаланувчилари учун хавфсизроқ мақомига эга бўлди.

Пандемия, шубҳасиз, Интернетнинг ўзбек сегментига катта таъсир кўрсатди. Буни онлайн хизматлар сонининг кескин ўсиб борганида кўриш мумкин. Домен номларини рўйхатдан ўтказувчилар (бугунги кунда Ўзбекистонда уларнинг сони 25 та) домен номларини рўйхатдан ўтказувчининг жисмоний иштирокини талаб қилмасдан онлайн тарзда рўйхатдан ўтказишни бошлади. Мамлакатдаги асосий серверларга юк бир неча баробар ошди, шунинг учун уларни самаралироқлари билан алмаштиришни тақазо этди.

Ўзбекистоннинг домен зонаси фаол ривожланмоқда, ўсиб бормоқда, давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда, ҳимояланмоқда, глобал ҳамда маҳаллий муаммоларга қарши курашмоқда ва самарали бошқарилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2003 йил мартидан буён «.UZ» миллий доменининг маъмури Ягона интегратор UZINFOCOM ҳисобланади. Миллий доменни бошқариш ҳуқуқи ICANN Интернет корпорацияси билан имзоланган шартномага мувофиқ берилган. «.UZ» зонасида доменни рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар 25 ташкилот томонидан тақдим этилади. 2021 йилда «.UZ» домен зонаси 26 ёшга тўлди.

Маълумот учун ҳаволалар:

  • cctld.uz - «.UZ» домени маъмурияти
  • iana.org; aptld.org; icann.org; ripe.net - Интернетни бошқариш ташкилотлари
  • uzinfocom.uz - Ягона интегратор
  • mitc.uz - Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги